Ишловчилар учун намунавий йўриқномалар қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:

умумий хавфсизлик талаблари;

ишни бошлашдан олдинги хавфсизлик талаблари;

ишни бажаришда хавфсизлик талаблари;

авария ҳолатларда хавфсизлик талаблари;

иш бажарилгандан кейин хавфсизлик талаблари.

Керак бўлганда йўриқномаларга янги, қўшимча бўлимлар киритилади.

Киритилаётган янги ишлаб чиқариш корхоналари ишловчилари учун вақтинчалик йўриқномалар ишлаб чиқилишига рухсат берилади. Вақтинчалик йўриқномалар теҳнологик жараёнларни хавфсиз бажарилишини ва ускуналарни хавфсиз ишлатилишини таъминлаши керак.

Барча лавозимли шахслар учун йўриқномалар, тегишли касаба уюшмалари ва меҳнатни мухофаза қилиш хизмати, керак бўлганда бошқа хизматлар билан келишилиб, корхона раҳбари томонидан тасдиқланилади.

Йўриқномалардан ишга қабул қилинаётган барча ишловчиларга кириш йўл-йўриғини, иш жойидаги дастлабки ва кейинчалик ҳар чоракда ўтказиладиган даврий йўл-йўриқларини, меҳнат қилиш хусусиятлари ўзгарганда навбатдан ташқари ҳамда бевосита мутахассислик бўйича мажбуриятлар билан боғланмаган бир маротабалик ишларни бажаришда (юклаш, тушириш, ҳудудларни тозалаш, наряд – рухсат расмийлаштирилиши керак бўлган ишларни бажариш ва ҳ.к.) ўтказиладиган мақсадли йўл-йўриқларни беришда фойдаланилади. Ишловчилар учун йўриқномалар дастлабки йўл-йўриқ ўтказишда, йўл-йўриқ шахсий карточкасига қўл қўйдирилиб, ишловчиларга берилиши ёки иш жойлари, ёхуд участкаларда осиб қўйилиши, ишловчилар фойдалана олиши мумкин бўлган жойда сақланиши керак.

Йўриқномаларни ишловчилар томонидан ўрганилишини иш берувчи таъминлайди.

Ишловчилар учун йўриқнома талабларини бажариш мажбурийдир.

Бу талабларни бажармаслик меҳнат интизомига риоя этмаслик даражасида тушунилади, ва тегишли чора кўрилади.

Персонал билан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишлаш ишлаб чиқариш фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Ушбу фаолият хавфсизликни, ишончлиликни ва корхонани ишини самародорлигини таъминлайди, ва қуйидаги асосий вазифаларни бажаришга:

ишга қабул қилинаётган шахсларни малакасини иш ўрни тавсифига ва ишлаб чиқариш шароитларига мослигини таъминлаш;

ишни мустақил бошлашдан олдин ишловчиларда, шунингдек, махсус билимлар талаб қилинадиган, тегишли назорат органларининг рухсати бўлиши лозим бўлган ишларни бажаришда ҳам, керакли билимлар ва тажриба орттирилишини таъминлаш;

меҳнат фаолияти жараёнида керакли билимлар ва малакани сақланиши, ишлаб чиқариш малакасини ривожлантириб борилиши;

ишлаб чиқариш шароитлари ўзгарганда билимларни ва малакани такомиллаштириш;

ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида касбий билимлари ва малакасини доимий ва систематик равишда назорат қилиш;

ишларни хавфсиз бажаришни илғор усулларини ўрганиш ва қўллаш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар, меъёрлар ва йўриқномаларни персонал томонидан риоя қилинишини мажбурийлик ҳиссида тарбиялашга йўналтирилган бўлади.

Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлашнинг стандартларини ишлаб чиқиш. Корхоналарда асосан меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимининг ташкилий-методик стандартлари ишлаб чиқилиб, қуйидагилар стандартлаштириш объектлари бўлади: корхонада меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш, режалаштириш ва рағбатлантириш тартиби; ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитишни ва йўл-йуриқ беришни ташкиллаштириш; хавфи юқори бўлган объектларни назорат қилиш; меҳнат хавфсизлигини назоратини ташкиллаштириш; хавфи юқори даражада бўлган объектларга хизмат кўрсатувчи шахсларни аттестация қилиш; корхона бўлинмалари ва хизматларида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни баҳолаш методикаси; корхонада ишлаб чиқаришда олинган тан жароҳатланишлари ва касб касалликлари сабабларини тахлил қилиш тартиби; корхонани конструкциявий ва технологик ҳужжатларига хавфсизлик талабларини киритиш тартиби; корхонада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш; меҳнат хавфсизлигини баҳолаш учун ўлчашлар ўтказиш тартиби ва методлари; МХСТ ни тадбиқ қилиш ва унга риоя этиш назоратини ташкиллаштириш; ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ундан фойдаланиш ва сақлашда хизмат кўрсатиш талаблари ва бошқалар.