Тарғова, Чанкат қишлоқлари тўқайзорлар билан туташиб кетган, тўқай ичи парранда-ю даррандаларга бой, қуён-тулкилар югуришиб юришар, қирғовуллар патирлашиб учишар, онда-сонда бўри ва қоплон каби йиртқичлар ҳам учраб турар, ҳатто ёввойи тўнғиз ва йўлбарслар ҳам бор эди.

Шомастбийнинг энг севимли машғулотларидан бири овга чиқиш бўлиб, тўнғич ўғли Шоҳруҳбий доимий ҳамроҳи эди.

– Шоҳруҳ, мен билан овга чиқасанми? – деди Шомастбий ўғлига меҳр билан тикилиб.

– Албатта дадажон, ов қилишни жуда хуш кўраман, – деди Шоҳруҳ қувончи ичига сиғмай. – Қачон борамиз?

– Эртага тонг чоғи.

Овнинг жуда гаштли бўлишига ишонган ота-бола бир неча машҳур овчилар қуршовида тўқайзорга кириб келишди.

– Қулоғингда бўлсин ўғлим, овчи жасур бўлиш билан бирга жуда зийрак ва сезгир бўлмоғи лозим. Ҳеч қандай ҳолатда шошилиб қолмагин, чаққонлик билан шошқалоқлик бошқа-бошқа хусусиятлардир.

– Буни эсимдан чиқармайман, ота.

– Яхши, ҳар доим гапимга қалбинг билан қулоқ соласан, бу хусусиятинг улуғлик аломати. Сени келажакда катта ишлар кутмоқда.

– Ишончингиз учун раҳмат.

– Жуда ҳам ичкарилаб кетманглар, йўлбарслар ҳам борлигини эсдан чиқарма.

– Мен йўлбарс билан бир неча бор тўқнаш келганман.

– Йўлбарс йиртқичлар ичида жуда мард ҳисобланади, у одамларга бесабаб ҳужум қилмайди, лекин ёввойи тўнғиз ўта хавфли маҳлуқ, орқа-олдига қарамай ҳужум қилади, унча-мунча зарба билан нобуд ҳам қилиб бўлмайди.

– Ота бизга рухсат берасизми?

– Майли ўғлим борақол, Шомансур доим ёнингда бўлсин.

– Сизлар қайси томонга борасизлар?

– Биз чапга, сизлар ўнгга. Раҳимқул шу ерда қолиб тушлик тайёрлайди. Учрашув жойимиз ҳам шу ерда бўлади.

– Мен сизга қирғовул олиб келаман.

– Худо омадларингни берсин, овларинг бароридан келсин.

Шоҳруҳбий дўсти Шомансур билан тўқай ичкарисига от солдириб кетдилар. Тўқайнинг ҳайвонот олами ранг-баранг бўлиб, жуда ҳам бой эди. Баҳайбат дарахтлар орасидан ёввойи қуёнлар югуриб чиқишар, ҳар хил қушлар париллаб чиқиб ўзларини панага олардилар. Аҳён-аҳёнда ҳуркович жайронлар ҳам учраб, қуюндек югуришиб бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлардилар. Қувончини ичига сиғдиролмаган Шоҳруҳбий отилиб чиққан жайроннинг кетидан от солди, ўлжасининг орқасидан қувишга берилиб кетиб, анчагина ичкарилаб кетди. Йўрғанинг чопқирлиги жайроннинг абжирлигига бас келолмас, терлаб-пишиб югуришда давом этарди. От сесканиб кетди, пишқириққа ўхшаган товушдан илкис тўхтади.

Атиги йигирма қадам нарида совуқ кўзларини Шоҳруҳ томонга қадаб баҳайбат йўлбарс депсиниб турарди. Думини гажжак қилиб наъра тортишидан ҳамла қилмоқчилиги сезилиб турарди. Йўлбарс икки сабабга кўра одамга ҳужум қилиши мумкин. Болалаган пайтда инига яқин келиб қолинса, очликдан ўта қийналган ҳолатда ёки бирор сабабга кўра ярадор бўлса одамдан ўч олиши аниқ. Ўз кучига ишонган Шоҳруҳбий ўзини йўқотиб қўймади, у илгарилари ҳам ҳар хил йиртқичларга дуч келган, лекин ҳозиргидек бундай яқин масофадан унга рўпара бўлмаган. У ўйланиб қолди, агар орқасига қочса йиртқич албатта ҳамла қилади, жойида қимирламай туришнинг иложи йўқ, чунки от сесканиб титрамоқда, илкис ҳаракат қилиб ишни бузиб қўйиши мумкин. Йўлбарсни камон билан қулатиб бўлмайди, аксинча яраланиб қаттиқ ҳужумга ўтади. Қўлидаги найзани шайлади, йўлбарс наъра тортиб яна ҳужумга ўтади. Қўлидаги найзани шайлади, йўлбарс наъра тортиб яна яқинлаша бошлади. Қандай чиройли жонзот ўйлади Шоҳруҳ, бир зарба билан қулатиш мумкин, лекин жонивор увол бўлади. Ахир у тўқайзорнинг ярашиғи-ку, ҳайвонлар подшосини ўлдириш инсофдан эмас. Ўйланиб ўлтиришга фурсат қолмади, қўлидаги найзанинг тўмтоқ томони билан сакрашга шайланган йиртқични зарб билан урди, кўз очиб юмгунча иккинчи бор орқа оёғининг юқори қисмига янада кучлироқ зарба берди. Хавф-хатар чекина бошлади, орқа оёғидан қаттиқ зарба олган маҳлуқ оқсаб-оқсаб чекина бошлади. От чоптириб етиб келган Шомансур ажойиб манзарани кўриб жойида анграйиб қолди.