. Медиаконвергенциялашув шароитида таҳририятлар иқтисодий бошқарувида кечаётган мураккаб жараён ва айрим инқирозли ҳолатлар босма оммавий ахборот воситалари соҳасида янги тадқиқотлар олиб боришни тақозо этмоқда. Интернет ва рақамли технологиялар таъсирида газета-журналларга қизиқиш тобора пасайиб бораётган бир пайтда босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мураккаб ҳолатга тушиши таҳлили ва ундан чиқиш йўллари тадқиқига доир илмий изланишлар бошланғич босқичда тургани мавзунинг янгилигини белгилайди.
Тадқиқотнинг асосий масалалари ва фаразлари. Тадқиқотда интернет ва рақамли технологияларнинг босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий аҳволига таъсири, таҳририятларнинг моддий жиҳатдан мураккаб ҳолатга тушишига сабабчи бўлган бирламчи ҳолатлар, таҳририятлар иқтисодий менежментига доир масалалар ўрганилади. Босма нашрларни молиявий тангликдан олиб чиқишнинг йўллари сифатида таҳририятларнинг янги иқтисодий стратегияси ва редизайнини ишлаб чиқиб амалда қўллаш фараз сифатида илгари сурилган.
Тадқиқот мавзуси бўйича адабиётлар шарҳи (таҳлили). Мавзунинг назарий масалалари босма нашрлар таснифи, типи ва типологияси, медиаконвергенция, ОАВ бозоридаги тараққиёт тенденциялари акс этган бир қатор хорижий адабиётлар орқали ўрганилган. Жумладан, медиа иқтисоди6, медиамаркетинг7, медиаконвергенция8, реклама9 тушунчалари алоҳида адабиётларда ўрганилган. Шунингдек, Аллен П., Амблер Т., Банкин А., Ворошилов В. В., Гайкалов А., Гоголева В. В., Грабельников А.А, Гуревич С. М., Демина Ю., Дихтль Е., Хершген X., Дойль П., Засурский Я. Н., Колесниченко А., Коханова Ю., Курбанова Д., Маккуэйл Д., Оськин A.B., Смирнова О. В., Нейман А., Теллис Ж. ва бошқаларнинг тадқиқотларини киритиш мумкин. Ўзбекистонда эса С. Дониёров, Н. Тошпўлатова, Б. Алимов, Ҳ. Саидовнинг илмий изланишлари диққатга сазовор. Ш. Қудратхўжаев, К. Алламжонов, З. Бобожонованинг ОАВдаги публицистик чиқишлари ҳам аҳамиятли.
Шунга қарамай, айнан босма ОАВнинг айни кундаги молиявий аҳволини ўрганган, иқтисодий муаммоларини илмий таҳлил этган адабиётлар деярли учрамайди.
Тадқиқотда қўлланган методиканинг тавсифи. Тадқиқотларимизда кузатув, ҳужжатларни ўрганиш, солиштириш, тизимли таҳлил, контент анализ, социолингвистик таҳлил, моделлаштириш усулларидан фойдаланилган.
Тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти шу билан белгиланадики, тадқиқот иши натижасида олинган хулосалардан Ўзбекистонда медиаконвергенция шароитида босма оммавий ахборот воситалари таҳририятининг моддий ҳолатини яхшилаш, нашрлардаги материалларнинг мазмунини бойитиш ва дизайнини янгилаш орқали аудитория қамровини ошириш, ишчи-ходимларнинг маошини ошириш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, ушбу мавзуни ўрганиш жаҳон босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий бошқаруви соҳасида кечаётган ўзгаришлар, тенденциялар, тамойилларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.
I БОБ. КОНВЕРГЕНЦИЯЛАШУВ ШАРОИТИДА ТАҲРИРИЯТЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ-МОЛИЯВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ХУСУСИЯТЛАРИ
1.1. Тижорийлашув замонавий медиамаконнинг етакчи тенденцияси сифатида
Медиаконвергенция анъанавий ва янги медиа шаклларининг интеграциялашув жараёни бўлиб, унда медиадаги контент бошқа платформада такрорланади ёки муқобил медиамайдонлар яратилади10. Конвергенция сўзи лотинча «convergere» дан олинган бўлиб, яқинлашмоқ, кесишмоқ маъносини беради. Бунда турли жараёнларнинг ўзаро мослашуви, муросага келиши кузатилади. Медиа соҳасида кечаётган глобаллашув, рақобат, тижорийлашув, ОАВнинг сиёсийлашуви каби жараёнлар босма нашрлардан ахборот бозорида яшаб қолишнинг янги шаклларини қидиришни тақозо этмоқда.