– Оддий халқ ҳар доим машаққатли яшаган, ҳозир ҳам шундай исёнлар ҳам ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бўлмоқда.
– Келажакда ҳам шундай бўлиб қолади демоқчисиз-да.
– Худди шундай, қайсики ҳукмрон халқ учун қайишса ўзи учун беҳисоб ташвишлар орттиради. Ўта фидоийлик қилса ўтиб бўлмас тўсиққа учраб, охир-оқибатда ҳалок бўлади. Жуда кўплаб фидоийлар муаммолар уммонида чўкиб йўқолганлар.
– Мен яна бир ҳолатдан кўп маротаба таажжубга тушдим. Уларнинг раҳбарлари халқнинг хизматини қилиш лозимлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар, фақат хўжайинлик қилиш, дўқ-пўписа, жазолаш каби усулни қўллайдилар холос.
– Бунинг сабаби шундаки улар ўз кўргиликлари учун ҳақиқий айбдорлар ким эканлигини билмайдилар, чинакам айбдор чеккада қолиб бир-бирларини савалайверадилар.
Фон Кауфман суҳбатдан мамнун эканлигини таъкидлаш учун бошини бироз эгиб, олдидаги чойга қўл узатди.
– Келажакдаги энг муҳим ишимизни тўғри таъкидладингиз, биз уларнинг ақлини ўғирлашимиз лозим, аста-секин улар ўз қадриятларини, маданиятларини унутиб боришлари керак, сайқал топган гўзалликлардан юз ўгириб ахлоқсиз-одобсиз, ўз нафсини тия олмайдиган очофат кишиларга айланишини ташкил қилишимиз лозим. Маънавиятни мутлақо унутишга даъват қилиш керак. Маънавият бузилган ердан маърифат ҳам қочади, булар йўқолган ерда ваҳшийлик бошланади. Ваҳшийлик ҳукмрон бўлган ерда тараққиёт чекинади, тараққий қилмаган кишиларни қулликда ушлаш, асоратга солиш жуда қулай.
– Чиндан ҳам уларга нима қилганига ақлим етмайди, худди сеҳрланиб қолганга ўхшайдилдар, фаоллик ўрнини танбаллик, маърифат ўрнини илмсизлик, эътиқод ўрнини динпарастлик, аҳиллик ўрнини худбинлик эгаллаган, ҳукмронликка бўлган ўчлик ҳар қандай қулликка чидаш каби нуқсонларни келтириб чиқарган, улар айни чоғдаги аҳволларига қайғурмайдилар, бир-бирларига меҳр кўрсатиб, аҳил бўлишликни хаёлларига ҳам келтирмайдилар, илм-маърифат исботлаб берган ҳақиқат қолиб, афсона-ю ривоятларга ишонадилар, олимларга қулоқ осмай саводсиз маддоҳларнинг йўл-йўриқларидан юрадилар.
– Тўғри айтдингиз, биз фақат қурол кучи билангина ғалаба қозонганимиз йўқ, бизга бу халқнинг худбин йўлбошчилари ёрдам бердилар, бундан буёғига ҳам шундай бўлади.
– Ҳа уларни алдов, амал, бойлик билан сотиб олиш қулай.
***
Билим ва эзгулик бир-бирларининг безаги бўлгани учун ҳам гўзалдирлар. Билимсиз эзгулик, эзгуликсиз билим бўлмагани каби билим ва эзгулик йўқ жойда гўзаллик ҳам бўлмайди.
Гўзал киши нафақат гўзалликни севади, у гўзал фикрлайди ва умр бўйи гўзал ишлар билан машғул бўлади.
Гўзалликни севиш, гўзаллик яратишга бўлган интилиш одамзотнинг илоҳий хоҳишидир. ХIХ аср Ўрта Осиё халқлари тарихидаги энг қаро кунлардан эди. Ана шу қоронғилик зулматини енгишга жаҳд қилган гўзал одамларнинг етишиб чиқиши табиий ҳол эди. Водийнинг марказида бўлган Қўқон шаҳрида ҳам ажойиб истеъдод эгалари, миллатнинг жонкуярлари етишиб чиқа бошлаган эди. Муҳайир, Муқимий, Фурқат, Нисбат, Муҳйи, Завқий кабилар ана шундай гўзаллик шайдолари эди. Убайдулло Завқий уларнинг сафидаги энг фаол, ғайратли шеърият шайдолари, миллатнинг жонкярларидан бири эди. У маҳалла-кўй, яқин атрофдаги ўз яқинларининг севимли кишиларидан бўлиб улғая бошлади. Убайдуллохон ўқиш-ўрганиш билан биргаликда ота касбини ҳам эгаллаб, ҳаётий ва амалий масалаларнинг билимдони бўлиб улғаяр, ҳаёт уни кўпгина муаммолардан воқиф қилар эди. Ўша даврларда кенг тарқалган пойафзаллардан бири этик бўлса, яна бири кавуш ва маҳси эди. Халқнинг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжи катта, аҳолининг асосий қисми шу маҳсулотдан фойдаланар, шу боис алоҳида пойафзал растаси бўлиб, энг қизғин савдо-сотиқ жойларидан бири эди. Убайдулло ана шу раста муҳитида улғая бошлади, ҳунармандчилик билан савдо-сотиқ масалаларининг ҳам нозик томонларини ўрганди, таниш-билишлар орттирди, раста ҳаётини яқиндан таниб, ўрганиб борди.