».

Демак, ёлғизлик – менинг бир бўлагим. Бу дунёда танҳо яшамаслик учун нимаики чора-тадбир қўлласам-да, руҳиятим барибир ёлғиз. Моҳиятан, тақдир мени унутиб қўйган, қувват вужудимни тарк этган, бор имконлар елга совурилган. Кунларим маҳзун, тунларим – беҳаловат. Лекин шундай тушкунлик кунларининг бирида вужудимда ҳаётга беҳад ишонч, бепоён муҳаббат ва мустаҳкам эътиқод пайдо бўлади ва қайноқ томирларимда жўшқинлик ҳиссиётлари мавж ура бошлайди. Бинобарин, «Бу ҳислар енгиб бўлмас ҳислар билан қуйилиб келади, дераза ойнасидан ёприлиб кириб, дунёсини сўнмас нур билан ёритади. Хотиржамлик, уйғунлик ҳислари уйғониб, кўнгли яна ғолибона ташналик билан ижод сари талпинади» (Т. Вульф).

Энди мен – Вульф нақл қилганидек – ўз ҳақиқатим ҳақида баралла сўзлайман; майли, бутун дунё тилимни қулфбанд этиб, «Ёлғон сўзлаяпсан!» – деб ҳайқирса, ҳайқираверсин, лек барибир ўз ҳақиқатимни тантанавор ишонч туйғулари билан бор овозда сўзлайвераман. Кўнглим яна ташналик билан ижодга, мутолаага шўнғийман. Китоб жавонимдан руҳиятимга яқин китобларни аста қўлга оламан-да, Пауло Коэльо сингари бундай лаҳзаларда ёлғиз эмаслигимни илоҳий лаззатли ҳиссиётлар оғушида яққол ҳис этаман. Ваҳоланки, ажойиб француз адибаси Франсуаза Саган самимий эътироф этганидек, «Мен китоб билан тирикман десам, кулманг. Ҳар бир янги китоб инсон умрига кириб келган алоҳида янгиликдир. Биз мутолаа орқали дунёнинг майда ташвишларидан фориғ бўламиз, ўткинчи ғам-андуҳлардан покланамиз» (Ф. Саган, «Китоб билан ғолиб бўламиз». «Китоб дунёси», №3, 2019).

Руҳиятимга сирли ҳаловат бағишлаган осуда тун қучоғида руҳиятимга яқин китобларни завқ-шавқ билан мутолаа қиламан ва сўз билан таърифлаб бўлмас илоҳий дақиқаларда руҳиятимдаги ёлғизлик девори қулаб тушади. Мутолаа жараёнида руҳиятим улуғвор «Одиссея», «Шоҳнома», «Фауст» асарлари бетакрор соҳир оламига сингиб кетади ва хаёлан замон ва макон қобиқларини ёриб, Ҳомер, Фирдавсий ҳамда Гёте асарлари қаҳрамонлари билан бирга яшайман; қувончларига шерик, дардларига ҳамдард бўламан. Китоблар – садоқатли ҳамроҳларим, бебаҳо бойликларим; мутолаа жараёнида қалбим, мавжудиятим беқиёс лаззат оғушида ажиб ҳаловат ҳис этади…

Франсуаза Саган ҳикматлари қулоғим остида янграр экан, тафаккурим ларзага тушади:

«Дунёда маънавият ва маърифат учун аёвсиз жанглар кечаётир. Аслида, Учинчи жаҳон уруши ҳам шу. Биз ушбу жаҳон урушида фақат китоблар билангина ғолиб бўламиз».

Ҳақиқатан, инсон онги ва қалбини эгаллаш учун бунёдкор ва вайронкор мафкуралар кураши муросасиз авж олаётган бугунги глобаллашув деб аталмиш таҳликали замонда китоблар билан инсоният Учинчи жаҳон урушида ғолиб чиқса, руҳияти танҳоликка маҳкум этилган инсон қалбида кечаётган Умид ва Тушкунлик жангида мудҳиш ёлғизлик ҳиссиётлари устидан муқаррар тарзда ғолиб чиқади ва Яратган истаганидек, нурли манзиллар сари дадил интилаверади…

2021 йил, июль.

МАЪНАВИЙ ОЛАМ МУСАВВИРИ

(А.С.Пушкин ижодига айрим чизгилар)

«Қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйдим ўзимга»

(А.С.Пушкин)

Улуғ рус шоири Александр Сергеевич Пушкин (1799—1837) ижоди жаҳон шеъриятининг энг юксак чўққиларидан биридир. Унинг номи жаҳон шеъриятини, башарият тафаккурини янги тараққиёт босқичига кўтарган Ҳомер, Фирдавсий, Румий, Данте, Навоий, Байрон ва Гёте каби гениал шоирлар билан бир қаторда тилга олинади. Гарчи у қисқа умр кўрган бўлса-да, тафаккур қудратидан йўғрилган «Евгений Онегин» шеърий романи, «Борис Годунов» трагедияси, инсон қалбини ларзага солувчи шеърлари жаҳон адабиёти хазинасига ноёб гавҳар бўлиб қўшилди. Хусусан, дунё китобхонлари қалбини тўлқинлантириб келаётган «Евгений Онегин» шеърий романи рус адабиёти ва маданий ҳаётида улкан воқеа бўлди. Бинобарин, улуғ рус мунаққиди В.Г.Белинский бу шоҳ асарга «Рус ҳаётининг қомуси» деб юксак баҳо берди. Яна, «Руслан ва Людмила» достонининг қўлёзмасини ўқиб чиққан машҳур шоир Жуковский: «Ғолиб шогирдга мағлуб устоздан», – деган ёзув билан ёш Пушкинга ўз портретини совға қилади. 1815 йилда, императорлик лицейида имтиҳон пайти талаба Пушкин ўқиб берган шеър машҳур шоир Державинга кучли таъсир қилган. Бу пайтга келиб ёш Александрнинг улкан истеъдод соҳиби эканлиги яққол аён бўлганди. Унинг шеърларини диққат билан тинглаган кекса шоир Державин ёш Пушкиннинг келажакда буюк шоир бўлишини башорат қилади.