Юнонистонда таълим тизимининг ютуғи туфайли полиснинг эркин кишилари орасида саводсизлар йўқ эди. Жамият қадриятлари ва аҳлоқий нормалар шакллана боради. Бунда ватанпарварлик ва фуқаролик муҳим ўрин тутган. Ўз шаҳрини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи ҳисобланган. Худди шу даврда инсон танаси билан руҳ ўртасида уйғунликни ифодаловчи идеал инсон тўғрисидаги ғоя шаклланади.

Фалсафа ва бошқа фанлар вужудга келади. Фалсафа фанига Фалес, Пифагор эса математикага асос солади. Аввал ёғочдан, кейинчалик тошдан фойдаланиб ясаладиган монументал ҳайкалтарошликка асос солинади. Шулардан кўпроқ тарқалгани: 1) яланғоч ҳолдаги эркакларнинг ҳайкаллари – «курос»; 2) тикка турган аёллар ҳайкаллари – «кора».

Поэзия соҳасида Гомернинг «Иллиада» ва «Одиссея» достонлари яратилади. Кейинроқ шоир Гесиод томонидан «Теогония» ва «Аёллар каталоги» поэмаларида антик мифология ўзининг классик даражасига кўтарилади. Антик шоирлар орасида Архилох (лирик поэзия асосчиси), ҳамда шоира С.О.Лесбос ижодлари алоҳида ўрин тутади. Гўзаллик, севги, ҳузур-ҳаловатни куйлаган Анакреонта ижоди А.С.Пушкин ижодига ҳам катта таъсир кўрсатган.

«Греция мўъжизаси» номи билан тарихга кирган классик даврда (эр. авв. V—IVасрлар) қадимги юнон цивилизацияси ва маданияти яшнаб энг юқори чўққига чиқди. Бу даврда юнонлар эронликлар устидан ғалабага эришгач, иқтисодиёт, савдо кенг ривожланади. Афина Ўрта Ер денгизида энг катта савдо марказига айланади. Афина, Миср, Карфаген, Крит, Сурия, Финикияликлар билан савдо алоқаларини олиб боради.

Юнон фалсафаси юқори даражага кўтарилади. Шу даврда антик давр ақллилик даҳолари Суқрот, Платон, Аристотель каби буюк файласуфлар яшаб ижод қилганлар. Суқрот биринчи бўлиб инсон ҳаёти, яхшилик, ёмонлик, адолат каби муаммоларни мушоҳада қилишга асосий ўрин берди.

Суқротнинг шогирди Платон (эр. авв. 429—347 йй) Афина аристократиясининг вакили эди. У эр. авв. 385 йили Академия номи билан файласуфлар мактабини ташкил қилган. Платон ўзининг идеал давлат тўғрисидаги ғояларини мунозара шаклида ёзган. Унингча идеал шаҳар давлатни оиласи, хусусий мулки бўлмаган файласуфлар бошқариши зарур эди.

Идеал шаҳарнинг аҳолиси жангчилар ва оддий халқ (ҳунармандлар ва деҳқонлар) га бўлинар эди. Келиб чиқиши чет эллик бўлган қуллар ҳам бор эди. Платон тизимини Аристотель (эр. авв. 384—322 йй.) танқид остига олган эди. Унинг «Сиёсат» номли машҳур асарида ўша даврда маълум бўлган билимларни алоҳида соҳаларга – ботаника, физика, сиёсат, тарих каби номларга биринчи бор бўлинган эди.

У «Метафизика» асарида фалсафа фанининг метафизик йўналишига асос солган. У Македония подшоси Александр Македонскийнинг устози бўлиб, «Биринчи муаллим» номи билан машҳур бўлган.

Худди шу даврларда «Тарих фанининг отаси» Геродот (эр. авв. 490—430 йй), атом назариясининг асосчиси Демокрит (эр. авв. 460- 370 йй), машҳур табиб, 72 та китоб муаллифи Гиппократ (эр. авв. 460—375 йй) каби машҳур олимлар яшаб ижод қилганлар.

Архитектура ва шаҳар қурилиши бўйича Милетлик Гипподам томонидан шаҳарларнинг режалаштириш концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра шаҳар жамоа маркази, яшаш учун уй-жой ҳамда ишлаб чиқариш ва порт зоналаридан иборат бўлиши керак эди. Монументал қурилишнинг асосий тури ибодатхоналар бўлган.

Архитекторлар – Гектин ва Каликратлар томонидан қурилган Афина Акрополи жаҳон архитектурасининг ноёб намуналаридан бири ҳисобланиб, унда 46 та устун ва ҳайкаллар мавжуд бўлган.

Таниқли архитектура иншоотлари ичида дунёнинг етти мўъжизасидан бири Эфесдаги Артемида ибодатхонаси бўлиб, унга ёвузлик тимсоли бўлмиш Герострат томонидан ўт қўйилган эди. Қайта тикланган ибодатхона қурилишида ҳайкалтарошлар Праксител ва Скопаслар томонидан ишланган 127 та устун ажойиб ҳайкаллар ва расмлар акс эттирилган эди.