Сен ўз эътиқодларинг аслида тўғри ёки нотўғри эканлигини билмайсан, аммо уларни гўёки тўғри дея ҳаракат қиласан ва ўзинг эга бўлаётган натижаларга қарайсан. Натижа тўғри йўналишга (тўғри эътиқодларга) бевосита боғлиқ экан, у ҳолда яхши (ижобий) натижа учун яхши (ижобий) эътиқодлар бўлиши лозим.

Бошқача қилиб айтганда, ҳамма нарса расво бўлади деб ўйласанг – айнан шундай бўлади, ҳамма нарса яхши бўлади деб ўйласанг – яхши бўлади.


Инсон даҳолигига ишонмагунича даҳо бўла олмайди.


Эътиқодлар қаердан пайдо бўлади?

Умуман ҳамма жойдан: сен ҳурмат қиладиган одамлар, газеталар, журналлар, китоблар, интернет ва телевизордан. Шубҳасиз, мулоқот ва мутолаа ҳам қилиш керак, бу жуда ривожлантиради. Аммо олинаётган эътиқодларни алоҳида эътибор билан шакллантирилиш лозим, яхши бўлмаганларидан (чеклайдиганларидан) халос бўлиш ва фойдалиларини эгаллаш лозим.

Ҳаётимизнинг ёрқин, қизиқарли ва мазмунли ёки зерикарли, туссиз, ўртамиёна бўлишини нима белгилайди? Айнан бизнинг эътиқодларимиз.

Хуллас, эътиқодлар биз учун жуда кўп нарсалар қилади. Улар яшашимизга аъло даражада ёрдам беради, аммо фақат битта ҳолатда, яъни агар улар фойдали бўлса (яъни ҳаётий вазият моҳиятига мос келувчи, уни ҳал этишга кўмаклашувчи) ва ҳаракатланишга, яхши томонга ўзгаришга рағбатлантирса.


Сенинг барча эътиқодларинг ҳам тўғри бўлавермайди

Олам тўғрисидаги сенинг баъзи бир тасаввурларинг нотўғри эканлигини тан ол. Уларга суянишни бас қил. Ҳаёт ҳақидаги билимларинг орасидан нима аслида сароб эканлигини аниқла.


Бугун – бу сен кеча қилган ва ўйлаган нарсаларинг. Сен бугун қилаётган ва ўйлаётган нарсаларинг эса – эрта бўлади

Бу иборани, ота-онанг сенинг балоғат ёшиндаги муаммоларингга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тушуниб етгунингча, такрорлашинг лозим. Ҳарҳолда, болаликдан каллангга ўрнашиб қолган беъмани фикрлашни ҳеч ким ўзгартирмаганлиги учун улар айбдор эмас.

Ҳаёт қоидалари ҳақида

Энди эса айнан Ҳаёт Қоидаларининг ўзига ўтамиз.


Қоидалар тўплами

Мазкур китобда асосий, базавий қоидалар тўпланган. Бу қоидалар, албатта, мен томонимдан кашф қилинмаган ёки биринчи марта таърифланаётгани йўқ. Мен шунчаки уларни битта қилиб тўплашга ва сенга ҳаётда ёрдам берадиган бир бутун қоидалар тўпламини яратишга ҳаракат қилдим.


Навигатор

Буни сен ҳам юришинг керак бўладиган йўлдан ўтиб бўлган одам яратган харита бўйича навигатор сифатида қабул қил. Бу сенга ўз Йўлингдан узоқроққа боришинга ва иложи борича юқорироққа кўтарилишинга ёрдам берадиган навигатор. Унда сени келажакда пойлаб турадиган эҳтимолий хавфли жойлар, шунингдек таянч нуқталари ва олдинга муваффаққиятли силжишинг учун ишончли, минг йиллар томонидан текширилган сўқмоқлар кўрсатилган.


Қоидаларни синовдан ўтказ

Бу қоидаларнинг ҳақиқат эканлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Мазкур китобда таърифланган ҳамма қоидалар кўплаб авлодларнинг тажрибаси томонидан текширилган ва синовдан ўтказилган. Сен уларни ўз тажрибанг нуқтаи назаридан ҳам, соғлом ақл нуқтаи назаридан ҳам баҳолашинг мумкин. Кўп сонли мисоллар сен ҳар доим ички ҳис билан билиб келган нарсаларни аниқ ифодалайди.

Шунингдек, ҳар бир мавзуни сен билган буюк ёки муваффақиятли одамлар, масалан мамлакатлар президентлари, буюк тадбиркорлар, маданият арбобларининг ҳаётлари ва таржимаи ҳоллари орқали текшириш ва синаб кўришни маслаҳат бераман. Айтиш мумкинки, барча соҳаларнинг ўз юлдузлари бор. Сен барча ўша одамлар, кўпинча ўзлари билмаган ҳолда, айнан қуйида келтириладиган ушбу қоидаларга амал қилганига гувоҳ бўласан.


Бу қоидалар билан қуролланиб ол

Бу китоб муваффақиятли кишилар қайси қоидалар ёки феъл-атвор хусусиятлари ҳисобига ўз эришган нарсаларига эга бўлишган деган саволга жавоб беради. Агар улар айнан шу қоидаларга амал қилгани туфайли муваффақиятга эришган бўлса, у ҳолда сен ҳам ушбу барча қоидалар билан қуролланишинг керак эмасмикан?